Қўшма Штатлар бундан буён ҳам Исроилга таҳдидлардан ҳимояланишда кўмак кўрсатади, бироқ Эрон билан урушга ҳамда Яқин Шарқдаги зиддият эскалациясига интилмайди. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби “Эроннинг 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга юзлаб дрон ва ракетадан фойдаланган ҳолда амалга оширган мисли кўрилмаган ҳужумига жавобан Исроилнинг Эронга муҳтамал жавоб зарбасини Вашингтон дастаклайдими?” деган саволга жавобан билдирди.
Теҳрон бу ҳужум Дамашқдаги Эрон консулхонасига зарбага жавоб бўлганини билдириб, амалиёт мақсадига эришгани ва ҳозирда зиддият эскалациясига уринмаётгани, бироқ Исроил Эрон ҳудуди бўйлаб зарба берган тақдирда, янги, янада кучлироқ зарбалар беришга тайёрлигини иддао қилмоқда.
Аввалроқ АҚШ ОАВ Оқ уйдаги юқори лавозимли мулозимлар сўзларига таянган ҳолда, АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатда Қўшма Штатлар Эронга қарши бирор ҳужум амалиётида иштирок этмаслигини айтгани ҳақида хабар қилган. Шу билан бирга, у Нетаняҳуни АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш фикрига содиқ эканига ишонтирган. Қўшма Штатлар ўтган тундаги Исроилга ҳужумни қайтаришда иштирок этган.
Исроил армияси Эрон томонидан учирилган жами 300 дан зиёд дрон ва ракетанинг 99 фоизи уриб туширилганини маълум қилган. Бу ракета ва дронларнинг аксарияти ҳатто Исроил ҳаво ҳудудига кирмай туриб йўқ қилинган.
Мудофаада “Темир гумбаз” ва “Довуд палаҳмони” тизимлари дохил ҳавога қарши мудофаа кучлари, Исроил армияси қирувчи учоқлари ҳамда АҚШ ва Британиянинг ҳарбий кемалари иштирок этишган. Мудофаага ҳаво ҳудуди орқали Исроилга ракета ва дронлар учиб бораётган Иордания Қуролли кучлари ҳам қўшилган. Ҳужум ортидан Исроил Негев чўлидаги битта ҳарбий базага кичик шикаст етказилганини, ҳужум оқибатида қурбонлар йўқлиги ва фақат бир неча киши яраланганини билдирган.
Ўз навбатида, Эрон Исроилдаги мўлжалланган ҳарбий ҳадафларнинг барчаси йўқ қилинганини қайд этган. Бу маълумотлар ўз тасдиғини топган эмас, кўплаб шарҳловчилар эса ёппасига берилган зарбани қайтариш Исроил ва иттифоқдошлари ҳавога қарши мудофаасининг муваффақияти эканини айтишмоқда.
Исроил ҳукумати 14 апрель куни Эронга нисбатан муҳтамал жавоб вариантларини муҳокама қилган. ОАВ хабарларига кўра, кескин жавоб тарафдорлари бевосита Эрондаги объектларга зарба беришни таклиф қилишган. The New Times газетаси иддаосига кўра, бундай зарбага ҳозирлик кўрилган, бироқ Нетаняҳу билан Байден ўртасидаги телефон суҳбатидан кейин, АҚШ томони фикрини ҳамда Эрон ҳужуми Исроилга бирор-бир сезиларли зарар етказмаганини ҳисобга олиб, бекор қилинган ёки кечиктирилган. Нашр бу маълумотлар ўз манбаларидан олинганини хабар қилган, бу ҳақда расман ҳеч қанақа маълумот тарқатилган эмас.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант томонидан якшанба куни тарқатилган баёнотда эндиликда Исроилда Эрон таҳдидига қарши, жумладан, Теҳрон томонидан ядровий қурол яратилиши хавфига қарши “стратегик иттифоқ” тузиш имконияти пайдо бўлгани билдирилган. Эронга қарши “минтақавий коалиция” тузилиши ҳақида исроиллик ҳарбий мулозимлардан яна бири Бенни Ганц ҳам билдирган. Унга кўра, Исроил Эронга “ўзи хоҳлаган пайтда ва ўзи хоҳлаган шаклда” жавоб қайтаради. Бу мулоҳазалар Эронга зудлик билан жавоб қайтариш ҳозирги пайтда Исроил учун устувор вазифа эмаслигини англатиши мумкин.
Агентликлар якшанба куни Эрон Исроилга зарба беришдан аввал бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги иттифоқдоши Туркияни огоҳлантиргани, АҚШ эса ўз навбатида Туркия орқали Теҳронга зарба “муайян чегарадан чиқмаслиги”ни кутаётганини билдиргани ҳақида ёзишган.
Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари АҚШ ҳукуматидаги манбалар сўзларига таянган ҳолда Эрон яқин кунлар ичида юзлаб дрон ва ўнлаб ракетадан фойдаланган ҳолда Исроилдаги ҳарбий ҳадафларга зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар қилишган эди.